Ёнғоқнинг шифобахш хусусиятлари

0
2006
марта кўрилган.

Ёнғоқнинг мағзи билан бирга  пўстлоғи ҳамда барги ҳам инсон организми учун фойдалидир.

Унинг пўстлоғи таркибида ошловчи модда, бўёқ ва бошқа моддалар, баргида С, Р ва В1 витаминлари, каротин, флавоноидлар, гидроюглон, эфир мойи, хом меваси пўстлоғида кўп миқдорда С дармондориси, мағзида эса каротин ва ёғ бор.

Баргидан сиқиб олинган шираси темиратки ва бошқа тери касалликларига қарши даво сифатида қўлланилади. Шунингдек, баргидан тайёрланган дамлама болалардаги рахит ва диабет касалликларини даволашда, гижжа ҳайдовчи восита сифатида, ангина(бодомча безларининг яллиғланиши) ва гингивит(милк шиллиқ қаватининг яллиғланиши) касаллигида, оғиз ва томоқни чайиш учун қўлланилади. Хом меваси гижжага қарши истеъмол қилинади. Қолаверса, ундан тайёрланган мураббо қалқонсимон без хасталиги(бўқоқ)ни даволашда фойдали ҳисобланади. Чунки, унинг таркибида кўп миқдорда йод моддаси мавжуд.

Ёнғоқ мағзи қорин оғриғи ва кўнгил айнишини қолдиради. Таркибида 50 фоиз ёғ бўлиб, у қанд касаллигига қарши ишлатиладиган самарали дори воситаларидан биридир. Мевасининг мағзи овқатнинг яхши ҳазм бўлишига ҳам ёрдам беради. Ёшлик қувватини оширади, меъда фаолиятини яхшилайди.  Агар у анжир билан қўшиб ейилса, асаб ва хотирани мустаҳкамлайди.

Таркибидаги мис моддаси аёлларнинг ҳомиладорлик ва кўзи ёригандан кейинги даврда танасининг териси асл ҳолида қолишига ёрдам беради. Узоқ туриб қолиб, таъми бузилган ёғга ёнғоқ мағзи солиб доғланса, унинг тахирлиги йўқолади.

Агар унинг пўчоғини толқондай туйиб, сувли яралар устига сепсангиз, жароҳатнинг тезроқ тузалишига ёрдам беради. Томирининг пўстидан 4-8 гр. олиб, қайнатиб, овқатдан сўнг ичсангиз, меъдадаги ёмон хилтлар ташқарига чиқиб, қорин оғриғига шифо бўлади.

Озарбайжондик аёллар хом ёнғоқдан мурабболар тайёрлашади. Уни куч- қувват манбаи деб ҳисоблашади.

Ёнғоқ мағзида С дармондориси мўл бўлгани учун икки ёшдан бошлаб болаларга майдалаб берилса, шамоллашнинг олдини олади.

 Ҳомиладор аёллар ҳам суткасига 2та мағиздан еб турса ҳомиланинг ривожланишига яхши таъсир қилади.

Эмизикли аёллар ҳам истеъмол қилса она сути ёғли ва микроэлементларга бой бўлади.

 Бироқ, 2та дан ортиқ истемол қилиш керак эмас. Чунки баъзиларга аллергия бериши мумкин. Ундай ҳолатларда  тилга ҳамда  лўнжларга тошмалар тошади. Шунинг учун меёрида  истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,

1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.