Ёш оналарга маслаҳат: болани чўмилтириш

0
265
марта кўрилган.

Болани чўмилтириш унинг ҳаракатчанлигига, соғломлигига  қараб амалга оширилади. Ёш оналар оилавий поликлиника врачи билан маслаҳатлашиб олиши керак. Педиатр биринчи марта  уйга келиб чақалоқни қабул қилиб олгаётганида барча саволларингизни бериб олишингиз керак.

Чақалоқни айрим педиатрларнинг таъкидлашича, унинг киндиги тушиб кетмагунича ваннасида чўмилтириш мумкин эмас. Бундай ҳолатда пахтани илиқ сувда намлаб, бурмали жойларини– қўлтиқ, бўйин остларини, тирсак ва тизза букилмаларини, бут ораларини, кафтларини сийпаб ёзиб қўл ва оёқ бармоқларининг орасини эҳтиёткорлик билан артиб чиқасиз. Киндиги атрофини авайлаб тозалайсиз ва киндигига 2 фойизли кўкдори суртиб қўясиз.

Киндиги тушгандан кейин болани 27 даражали сувли ваннада чап қўл кафтингизда  ётқизиб, ўнг қўл билан сийпаб ювасиз. Хона ҳарорати 24-25 даража иссиқ бўлиши керак. Фақат чўмилтириб бўлгач киндик ва унинг атрофини юмшоқ сочиқда қуруқлатинг. Бунда сочиқни баданга ишқаламасдан, аста-аста босиб киндик ва унинг атрофидаги намликни шимдиринг. Киндик ҳўл бўлиб қолиб кетиши мутлоқ мумкин эмас.

Боланинг кийим – кечакларини, сочиқини дазмол босиб олдиндан тайёрлаб қўйинг.

Қиш кунлари болани  ҳафтада икки марта чўмилтирсангиз етади. Аммо, қўлтиқ, қулоқ орқаси, бўйин, оёқ букиладиган жойлар, таглик ўралган жойлар ҳар куни яхшилаб сийпаб буғимларни очиб, ҳўл пахта билан тозалаб турилиши лозим. Чақалоқлар териси жуда майин бўлиб, тезда яллиғланиши мумкин. Ҳўл пахта билан артгандан кейин намликни шимдириб олиб ўзингиз дистирлаган ўсимлик ёғи ёки  болаларнинг махсус ёғини суриб қўйинг.

Боланинг бутун баданига совун ишлатиш шарт эмас. Кўп ҳўл бўладиган жойларига ишлатилса бўлади. Бошини ҳафтада бир-икки марта совунланса етади. Махсус болалар учун тайёрланган совундан фойдаланинг.

Айрим болаларда присипка кукунига аллергия бўлади. Уч ойликкача бўлган болаларга умуман присипка кукуни ишлатиш мумкин эмас.

Болани ишқалаб ювмайсиз албатта. Шунчаки сувни баданига теккизиб-теккизиб, бир оз совунлаб, чайиб тезда олиб чиқасиз. Бошини танасидан олдин ювиб, совуқ қотмаслиги учун артиб бош кийим кийгизиб қўйиш лозим.

Боланинг юзларини ювиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чақалоқ юзи жуда майин бўлади. Уни чўмилтирганда эмас, балки ётган ҳолида майин сочиқни ёки пахтани илиқ сувга ботирган ҳолда аста-аста артиб чиқинг. Кўзларини ҳам шундай секин босмасдан ичкаридан ташқарига қараб пахта билан артинг.

 Чақалоқнинг қулоқ-бурни тозалаш ўзига хос аҳамиятга эга, жуда ҳам эҳтиёткорлик керак. Махсус пахтали таёқчаларда фақат қулоқ орқасини артиш мумкин. Қулоқ ичига таёқчаларни тиқиш мумкин эмас. Бурнини тозалаш учун момоларимиз ишлатган усул энг маъқул усулдир. Агар бурунда нимадир йиғилган бўлса, кўкрак сути томизиб, аста-аста сийпаб юмшатилади, сўнгра пахтадан пилик ясаб, асталик билан ичига тиқмасдан салгина бурун ичига тегизиб, тортса ўзи тозаланиб чиқиб келади.  
Энг асосийси онанинг ширин сўзи, ёқимли эркалаши, эзгу тилакларидир.

Р. САПАЕВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.