Ёш оналар, айниқса, алоҳида яшовчи ёш оилалар янги чақалоқ туғилганида шошиб қолишади. Дугоналаридан маслаҳат сўрашади, интернет титкилашади. Ҳар дамда врачга югиришади. Ёки уйга чақиришади. Келин олиб биз ҳам қайта ота-она бўлдик. Келин юмуш билан юрганида ёки ўқишга кетганида гўдак бизнинг зиммамизда бўларди. Ёшлигимизни эсладик ва ёш оилаларга маслаҳат беришни маъқул кўрдик.
Биринчи ой. Ушбу даврни она вужудидаги гўдакнинг янги ҳаётга, янги шароитга “мослашиш” даври деб аташ мумкин. Бола 70 фоиз вақтини ухлаб ўтказади. Биринчи ойнинг охирига келиб, узоқ вақт бошини тутиб туришни, бир нуқтага қарашни, овозларга қулоқ солишни ва ўзи овоз чиқаришни ўрганади.
Иккинчи ой. Бола бошини маҳкам тутади, нафақат яқинларини танийди, балки ҳис-туйғуларни ажратади ва уларга жавоб қилади. Жилмайишни ўрганади.
Учинчи ой. Бола бошини маҳкам тутади, агар қорнига ётқизилса, бироз муддат елкасига таяниб туради. Бу вақтга келиб ёрқин рангли ўйинчоқларга аҳамият беради, уларга узоқ диққат билан тикилади. Шунинг учун бешикига , аравачасига рангли ўйинчоқлар осиб қўйиш керак. Шунингдек, нафақат унли, балки унсиз товушларни ҳам чиқаради. Уйқу орасидаги вақт 1-1,5 соатга чўзилади. Энг катта ютуқ ўйинчоқларни олишга интилади. Сўрғични оғзидан мустақил чиқара олади ва қайтиб оғзига солишга уринади.
Тўртинчи ой. Кичкинтой мустақил равишда елкадан қоринга айланиб олади, бемалол қўлига таянади ва қоринда ётган ҳолда қўлга таяниб туради. Шу даврда бола ўтиришга ҳаракат қилади. Ўйинчоқларга чўзилади, уларни томоша қилади, оғзига олади. Яқинларини бегоналардан фарқлайди ва ўз отини танийди. Бу пайтда ширин сўз ва оҳангларда мулоқот қилишга ҳаракат қилинг.
Бешинчи ой. Беш ойлик бўлганида кичкинтой мустақил ўтиришга янада кўпроқ ҳаракат қилади ва ушлаб турилган тақдирда ўтириши мумкин. У энди янада фаолроқ, бажонидил ўйнайди, ота-онасига талпинади. Кўпчилик болаларда тиш чиқа бошлайди.
Олтинчи ой. Бола ҳали ўзи мустақил ўтириб ололмайди, аммо энди ўтирганида ушлаб туришга хожат йўқ. Қорнига ётганда оёқчаларини букади ва тўрт оёқлаб туришга ҳаракат қилади. Қорнида эмаклайди, ушлаб турилса пиёладан чой ича олади. Умуман ҳаракатга келганидан кейин бола вазни бироз камаяди, баъзиларида. Бундан хавотир олиш керак эмас.
Еттинчи ой. Бола анча фаоллашади, серҳаракат бўлади, ағдарилади, эмаклайди. Бирон нарсани ушлаб ўрнидан туришни бошлайди. Бу ойда нарсаларнинг номини эслаб қолади ва уларни кўрсатишга қодир бўлади. Чўмилганда ваннани ушлаб, эркин ҳаракат қилишга интилади.
Саккизинчи ой. Ҳис-туйғулари доираси кенгаяди. Бола «она», «ота», «бер» ва шу каби сўзларни онгли равишда айтади. Таниш ерда бемалол ҳаракатланади ва таянч бўлса, бемалол юради.
Тўққизинчи ой. Кичкинтой қўрқмасдан туриб ёки ўтирибгина қолмай, диван, стулларга чиқишга уринади. Нарсаларнинг номини эслаб қолади, уларни кўрсатади. Ўзи қошиқ билан овқат ейишга ҳаракат қилади. Бу ойда онг-шуури фаол ривожланишни бошлайди.
Ўнинчи ой. Бола катталарнинг хатти-ҳаракатларини такрорлашни бошлайди. Ўзи мустақил ўйинчоқ ўйнайди, китоб варақлай олади. Катталар ёрдамида бажонидил бошқа болалар билан ўйнайди. Тез эмаклайди ва мустақил юришга ҳаракат қилади. Қўлида бир неча нарсани ушлаш имкони пайдо бўлади. Ён атрофдаги нарсаларнинг, ҳайвонларнинг номини айтишни бошлайди.
Ўн биринчи ой. Ўн бир ойлик бўлганда бола кейинчалик фақат такомиллашадиган барча кўникмаларга эга бўлади. Фаол ҳаракат қилади, мустақил юради, қошиқ билан ейди, оёқ кийимларини ўзи кийишга интилади, ота-онасининг сўз оҳангини ажрата олади.
Ўн иккинчи ой. Бир ёшга етганда боланинг хатти-ҳаракатларида мустақиллик сезилибгина қолмай, у яқинларига нисбатан «ғамхўрлик» қила бошлайди. Феъл-атвори намоён бўлади, овқат танлайди, қаттиқ таомларни чайнайди, пиёладан ичади. Сўз луғати 10-15 та сўздан иборат бўлади.
Шуни таъкидлаш керак-ки, насл-насаб яъни ген ҳам кўп нарсани билдиради. Баъзи болаларда санаб ўтган ҳаракатлар бироз эрта ёки кеч бўлиши мумкин. Шунда ота-онангиз сиз ҳақингизда айтганларни эсланг. «Олманинг тагига олма тушади» дейди халқимиз. Бу синалган ҳақиқат.
Ҳар биримизнинг хонадонимиздан чақалоқ ҳиди келиб, кулгуси жаранглаб турсин. Ўзингизни, оилангизни пандемиядан асранг. Тиббий кўрсатмаларга амал қилинг.
Олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова тайёрлади.