Ёз хастаси: овқатдан заҳарланганда…

0
61
марта кўрилган.

Ёз фаслида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўп учрайди. Чунки, иссиқ об-ҳавода озиқ-овқат маҳсулотлари тез бузилади.  Тамаддихоналар ёки дам олиш мас­канларида ­таом ва егуликларни пала-партиш истеъмол қилиш ошқозонни «қийнаб қўйиши», ич суриши ҳам мумкин. “Ич кетди куч кетди” дейди халқимиз. Ёз таомномасининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

Ёзда озиқ-овқат маҳсулотлар исътемолининг ўзига хос хусусиятлари. Албатта иссиқ овқатнинг сифатини назорат қилиш қийин. Аммо шундай бўлса-да, баъзи қоидаларга амал қилинса, касалликнинг олдини олиш мумкин бўлади. Масалан, муддати ўтган, ранги, кўриниши, таъми ўзгарган ва ҳидланган маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз хисобланади. Шунингдек, бир неча кун туриб қолган, 3-4 маротаба қайта иситилган егу­лик­ларни ҳам истеъмол қилиб бўлмайди. Кафе ва овқатланиш шохобчаларида тез тайёрланадиган егуликларни (лаваш, бургер, сэндвич) ҳамда консерва таомларни истеъмол қилиш ҳам тавсия этилмайди.

Айниқса, кўчадан қизиб уйга кирганда, муздек сув шимирасиз. Ундай пайтда  мева-сабзавотларни кетма-кет ейиш мумкин эмас. Шунингдек, мева-сабзавотларни газланган ичимликлар билан биргаликда истеъмол қилишнинг ҳам оқибати ёмон бўлиши мумкин.

Мева-сабзавотлар  бир неча марта сувда чайилиб, иложи борича устидан қайноқ сув қўйиб сўнг истеъмол қилиниши лозим. Кўкатлар обдан ювилгач,  намакобда  беш дақиқа сақлаш ва ундан кейин  исътемол қилиш керак. Овқатланишдан олдин қўлларни тозалаб ювиш қоидаси эса нафақат касалликдан, балки бошқа салбий таъсирлардан ҳам ҳимоялайди.

Таомномадаги хавфсиз кўринган маҳсулотлар баъзан касалликни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса тухум. У ўзида сальмонеллез бактериясини яширин сақлаб келган бўлиши эҳтимоли бор. Шу сабабли тухумни ишлатишдан олдин обдан ювиш керак. Қайнатиш учун камида 7 дақиқа, қовуриш учун эса камида 5 дақиқа вақт сарфланиши керак. Хом тухумдан тайёрланган егуликлар эса умуман тавсия этилмайди.

Эриб кетган музқаймоқ ҳам яроқсиз! Ёзни музқаймоқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аксарият аҳолимиз, айниқса, ёш болалар ёзнинг иссиқ кунларида музқаймоқ истеъмол қилишга одатланганлар. Аммо эриган ёки эриб, қайта музлатилган музқаймоқни умуман еб бўлмайди. Сабаби, бундай музқаймоқларнинг таркиби ўзгариб, инсон саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин.

Биринчи ёрдам. Овқатдан заҳарланишга гумон бўлганида шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Ўзбошимча даволанишга уриниш эса салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар бемор мустақил ҳаракатланишга қодир бўлмаса, «Тез ёрдам»га мурожаат қилиниши зарур. Ҳуқна қилиш, қустириш, фаоллаштирилган кўмир бериш, «оч қолдириш» каби усулларни шифокор кўрсатмасисиз бажармаганингиз маъқул.

Қандай даволанади? Овқатдан заҳарланиш аниқланганида учта муҳим омилга эътибор қаратиш зарур. Хусусан:  организмга тушган заҳарни имкон қадар тезроқ ундан чиқариб юбориш;  организмга сўрилиб улгурган заҳарни дори препаратлари ёрдамида зарарсизлантириш (нейтраллаш);
организмда нафас ва қон айланишининг бузилишига йўл қўймаслик.

Одатда, овқатдан заҳарланиш ташхисида меъдани ювиш, ичак­ларни тозалаш (ҳуқна, сурги дорилар) чоралари қўлланилади. Шифокор кўрсатмаси билан организм­нинг сувсизланиши ва интоксикациясининг олдини олиш мақсадида томирига тузли эритмалар, глюкоза ва бошқа эритмалар юборилади. Бемор шифохонага ётқизилиб, назоратга олинади.

Заҳарланиш аломатлари кузатилган дастлабки соатларда ҳеч нима ейилмайди. Кўп-кўп сув ичилади, фақат. Безовталик камая бошлагач, шифокор тавсияси билан енгил таомлар истеъмол қилишга рухсат берилади. Оз оздан тез-тез овқатланиш керак бўлади. Касалликдан тўлиқ тузалиб кетгандан кейин ҳам бир неча кун давомида парҳез сақлаш керак.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.