ШҲТ доирасида 4 йил давомида террористик характердаги 600 дан ортиқ жиноятнинг олди олинди

0
95
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Душанбеда ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг саммитидаги иштироки якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Орипов, директор ўринбосари Санжар Валиев, Минтақавий тадқиқотлар маркази бошлиғи Бахтиёр Мустафоев, бўлим бошлиғи Саъдулло Расулов иштирок этди.

Тадбирда минтақавий аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, журналистлар ШҲТ Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда қанчалик муҳим рол ўйнаши борасида қизиқиш билдирди.

«ШҲТ минтақадаги хавфсизликни таъминлайдиган жуда муҳим тузилма ҳисобланади, — деб изоҳ берди Элдор Орипов. — Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг терроризмга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи, халқаро террористик ва бошқа ташкилотлар ҳақида ягона маълумотлар банкини шакллантирувчи, терроризмга қарши курашиш учун мутахассис ва инструктор тайёрлашга кўмаклашувчи, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқувчи ШҲТнинг Минтақавий терроризмга қарши тузилмаси фаолият кўрсатади. ШҲТ котибиятининг маълумотларига кўра, сўнгги 4 йил ичида ташкилот фаолияти доирасида террористик характердаги 600 дан ортиқ жиноятнинг олди олинди, террористларни тайёрлайдиган 500 та база йўқ қилинди, 2000 дан зиёд халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти тўхтатилди».

Институт директори, шунингдек Ўзбекистонда барқарорликка катта қийинчиликлар билан эришилаётганини таъкидлади. Бунга эса, энг аввало, давлат раҳбарининг илгари сураётган стратегиялари сабаб бўлаётганини айтиб ўтди.

«Қўшни Афғонистонда ҳаёт қандайлигига эътибор беринг, — деб таъкидлади Элдор Орипов. — У ерда ҳар йили тинч аҳоли ҳалок бўлади. Жорий йил бошидан то апрелга қадар 305 нафар киши ўлган, 300 нафари эса жароҳатланган. 3,7 миллион бола мактабга қатнамайди. Уларнинг 60 фоизи — қизлар».

Институт директори сўзи давомида яна бир фактга диққат қаратди: олимларнинг маълумотларига кўра, урушларга барҳам берган мамлакатларнинг 50 фоизи яқин 5 йил ичида яна қуролли тўқнашувлар исканжасида қолган. Уруш асоратларидан холи фаровон ҳаётга қайтиш эса, одатда, бир неча авлод алмашувини талаб этади.

«Шундай экан, бир марта беқарорликка йўл қўйиш билан яна тинч ҳаётга қайтиш осон бўлмаслигини тушуниш лозим. Тинчликни сақлаш осон эмас, тинчликдан мосуво бўлиш ҳам жуда қийин эмас», — деб сўзини якунлади институт директори.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.