“Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” – инсон ҳуқуқи таъминланишининг Конституциядаги яққол акс этиши

0
319
марта кўрилган.

“Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” ҳақида нималар биламиз? Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган  ушбу икки ҳуқуқий норма инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатидир. Конституция – халқ паспорти.  Ундаги ҳуқуқий нормаларни атамаларни, тушунчаларни ҳар бир инсон англаб етиши керак.  Шундагина инсон ўзини ўзи ҳимоя қила олади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” тамойиллари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолати, жумладан, умумэътироф этилган институтлар конституциявий даражада кучайтирилаётганидан далолат.

Умуман, юқорида номи келтирилган институтларнинг қонунда ўз ифодасини топиши, уларнинг мазмуний жиҳатлари, айнан, Бош Қомусимизнинг 27,28,29 ва 31-моддаларида инсон қадр-қиммати ва шаъни, гумонланувчи фуқарони ушлаш чоғида бирламчи ҳуқуқларини тушунтириш, судлов жараёнига қадар ҳуқуқий мажбуриятларга қаратилган нормалар аниқ келтирилган, дейиш мумкин.

Келинг, мазкур моддаларнинг келиб чиқиши, унда акс этаётган йўналишга алоҳида тўхталсак…

Хабарингиз бўлса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик Палатаси йиғилишларида Констутициямизга киритилиши лозим бўлган – инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш билан боғлиқ қатор ташаббуслар илгари сурилган эди.

Ўшанда Конституциямизда, албатта, “Хабеас корпус”, “Миранда қоидаси” ва “айбсизлик презумпцияси” деган қоидалар киритилиши тўғрисида аниқ таклифлар берилган. Шу боис, янги таҳрирдаги Конуституциянинг 27-моддасида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга, ҳеч ким қонунда асосланмаган ҳолда, хибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоқда сақланиши ёки қамоққа олиниши ва уни озодлигини бошқа тарзда чеклашга йўл қўйилмаслиги бевосита кўрсатиб ўтилган.

Бу нима дегани?

Фуқароларимиз бирон бир суриштирув, тергов органларига олиб келинганда, унинг ҳуқуқи, шунингдек, ушлаб турилиши асослари, нега давлат органига келтирилгани ҳақидаги ҳуқуқлари тушунтирилиши шарт. Бу эса “Хабеас корпус” институти тушунчасини акс эттиради. 

“Хабеас корпус” (лот. habeas corpus) – “танани судга келтириш”, яъни жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқининг тарихан энг қадимий эътирофларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда “Хабеас корпус” институти 2008 йилдан татбиқ этилган бўлиб, унинг қўллаш доираси йиллар давомида изчил кенгайиб бормоқда, тергов жараёни устидан суд назорати қатъий равишда кучайтирилмоқда.

Англияда пайдо бўлган ушбу институт айбдор шахс ушланганидан то судга қадар унга нисбатан кўрилаётган ҳуқуқий чора жараёнини ўрганадиган муассаса ҳисобланади. Англия парламенти мазкур ҳолат бўйича дунёда биринчи марта фуқароларни бесабаб ушлаб турмаслик бўйича қарор қабул қилган. Ўша даврдан буён халқаро ҳуқуқ қоидаларида фуқарони суд жараёнига қадар бўлган ушлаб турилиши ҳолатлари, айнан, “Хабеас корпус” институти, деб юритилади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 27-моддасида ушбу ҳолатларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шунингдек, мазкур атама бошқа айрим ёндош моддаларда ҳам ўз ифодасини топган.

“Миранда қоидаси” ҳам ҳудди шундай. Қайд этиш керак, Конституцияга киритилаётган “Миранда қоидаси” – фуқарони биринчи марта давлат органлари томонидан бирон бир ишга гумон қилинувчи сифатида жалб қилаётганда, унга бирламчи ҳуқуқлари тушунтириб берилиши демакдир.

Хусусан, ушлаш чоғида шахс ўз ҳуқуқлари тўғрисида хабардор қилиниши лозимлиги, уни ушлаб турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими шахс ҳуқуқлари тушунарли бўлганми, деган саволга ижобий жавоб олиши лозимлиги назарда тутилади.

У қандай ҳуқуқлар?

Фан тили билан айтадиган бўлсак, “сиз сукут сақлашингиз мумкин”, “ушбу ишда бизга айтаётган ҳар бир сўзингиз судда ўзингизга қарши далил сифатида ишлатилиши мумкин”, “сиз адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз, агар фойдаланиш имкониятингиз бўлмаса, давлат томонидан сизга адвокат берилади”.

Дарҳақиқат, таҳлиллар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинган заҳотиёқ, у қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётганини кўрсатмоқда. Натижада, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари дастлабки вақтдаёқ хавф остида қоляпти. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим.

“Миранда” дейилишига сабаб нима?

1966 йил АҚШда Миранда исмли шахс қўлга олинади, гумонланувчи сифатида унинг бирламчи ҳуқуқлари тушунтириб берилмайди. Ўшанда Америкадаги штат судьяси Мирандага нисбатан, айнан, юқорида келтирилган сўзлар айтилмагани учун уни суд залидан озод қилади. Шу боис, “Миранда қоидаси” халқаро жиноят процессуал ҳуқуқида меъёр сифатида муҳрланади.

Бундан келиб чиқадики, янги таҳрирдаги асосий ҳужжатимизда “Миранда қоидаси” муҳрланишининг фуқароларимизга ҳар қандай жараёнда, масалан, жамоат жойларда, кўчада ҳаракатланадими, туристик саёҳатга чиқадими, умуман, Ўзбекистонда яшаши учун ҳар қандай шароит таъминлаб берилишига хизмат қилади.

Мазкур қоида мазмунини Конституциямизнинг 27-моддасига киритилган – “шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”, деган жумлаларда кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, “Миранда қоидаси”нинг конституциявий мустаҳкамланиши жиноят иши холис тергов қилиниши ва тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ҳамда тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олади.

Барқарор ривожланиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти

Манбаа: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.