Она тилимизнинг сарҳадлари: “ТУН”ДАГИ “КУН”

0
58
марта кўрилган.

Тун сўзи “қоронғулик, кеча” маъносини англатиши маълум. Хўш, тунга уйқаш туш ёки унинг зидди кун сўзи қандай пайдо бўлган? Бу сўзлар ҳам бекорга оҳангдош эмас.

Маълумки, тилимизда туш сўзининг икки хил маъноси бор, яъни туш пайти маъносидаги туш ва туш кўриш маъносидаги туш (туш феъли бундан мустасно).

Қадимда туш сўзи “кун, кундуз” деган мазмунда келган. “Олтой-Олатоғ луғати”да ярим тун — “ўрта тун”, туш пайти — “ўрта туш”, шимол — “тун ёни”, жануб — “туш ёни” деб ифодаланган. Шунингдек, сутка маъносидаги бир кун — “бир тун, бир туш” дейилган, бу худди “бир кеча-кундуз” каби. Демак, биз туш пайти маъносида қўллайдиган “туш” сўзи “кун” дегани.

Энди туш кўриш мазмунидаги “туш” сўзи ҳақида айрим мулоҳазаларимизни айтиб ўтсак. Маълумки, одам ухлаганда туш кўради. Модомики, “тун” — қоронғулик экан, уйқу ҳам аслида қоронғулик, яъни тун. Тушнинг туб маъноси кун бўлса, у ҳолда туш кўриш “тунда кунни кўриш” деган маънони англатар, балки. Йўқ, кейин  бу ҳақда ўйлаб кўрдим. Бу фараз аниқ асосга эмас. “Туркий тиллар этимологик луғати”да ҳам туш сўзининг пайдо бўлиши ҳақида юракни жизиллатадиган бирор мулоҳазани учратмадим. Бу луғатда туш сўзи қадимги уйғур тилида “ёстиқ, тўшак” маъносини англатган tü:l-it сўзидан ёки қалмоқ тилида “башорат” маъносини ифодалаган tölgü сўзидан деган фаразлар бор. Лекин уларда аниқ асосни кўролмадим. Ҳаётдаги ғаройиб руҳий ҳодисани ифода қилган туш сўзининг туб илдизи топилса, анча сирлар ойдинлашарди деб ўйлайман.

Шунингдек, “Олтой-Олатоғ луғати”да “туш” сўзининг “жой, вақт, ҳодиса, ҳолат, учрашув” каби маънолари борлиги ҳам таъкидлаб ўтилган.

Маҳмуд Кошғарий “тун” сўзи кеча маъносидан ташқари “тинчланиш”, “осойишталик” маъносини англатиши ҳақида айтиб ўтган.

Манбаа: Эшқобил ШУКУР «Бобосўз изидан» китоби

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.