Райҳонни халқимиз жаннат гули, дея ардоқлайди. Думоғига хушбуй уфуриб туриши учун қулоққа тақиб олишади. Бу бежиз эмас. Чунки у юқумли касаллик тарқатувчи микроблардан ва инфекциялардан тозалайди.
Унинг ер устки қисми таркибида эфир мойи бор. У асосан камфора ва бошқа терпеноидлардан ташкил топган. Ундан камфара олинади. У юрак томир тизими ишини ва нафас олишни қўзғатишда ишлатилади, уни ҳам ичиш ҳам ҳидлаш тавсия қилинади.
Бод касаллигида ва шамоллаш касалликларида мушакларнинг оғриган жойига суртиш яхши фойда беради.
Томоқ оғриганда: 4 қошиқ майдаланган райҳон баргини 250 мл. қайнаган сувга солиб, 20 дақиқа давомида пас оловда димланг ва сузиб олиб, кун давомида 2-3 марта илиқ ҳолда томоғингизни чайинг.
Қовоқлар шамоллаши учун: 2 қошиқ майдаланган райҳон баргларини 500 мл. қайнаган сувга солиб димланг ва совутиб сузгичдан ўтказинг. Малҳамга докани ботириб, қовоқларингиз устига қўйинг.
Бош оғриганда: Райҳон, маврак, лимонўтни баравар олиб, 1 чой қошиғини 200 мл. қайнаган сувга аралаштириб, 20 дақиқа димланг, тиндириб, сузгичдан ўтказинг ва 1 чой қошиқ асал билан аралаштириб ичинг. Бу ичимлик тинчлантириш хусусиятига мавжудлиги учун бош оғриғини қолдиради.
Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди