Помидор таркиби А, Е, С, РР, К ва В гуруҳига мансуб витаминларга бой. Шунингдек, халқ тили билан айтганда памилдорида қанд, олма ва лимон кислоталари, пектин, крахмал, фитонцидлар, ҳамда темир, кальций, натрий, калий, магний, фосфор, бор, йод, цинк, медь, марганец каби минераллар ва бошқа макро- микроэлементлар мавжуд. Унинг таркибидаги ликопин эса кучли антиоксидантлиги билан ажралиб туради. Одам организмини онкологик, юрак-томир касалликларидан ҳимоя қилишда ликопин катта аҳамиятга эга.
Олимларнинг таъкидлашича, янги узилган помидорни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган маҳсулотларда ликопин моддаси помидорнинг ўзига қараганда кўп миқдорда бўлади. У саратон касаллигининг кўпгина турларидан ҳимоя қилади.
Ликопин, жумладан, қуйидаги аъзоларда саратон дарди пайдо бўлиши хавфини камайтиради: оғиз бўшлиғи, ўпка, ошқозон, жигар, кўкрак безлари, бачадон бўйни, тўғри ичак. Бундан ташқари, ликопин юракни эркин радикалларнинг таъсиридан ҳимоя қилади ва бу билан юрак қон-томир касалликлари пайдо бўлиши эҳтимолини олдини олади.
Она юрт неъмати, табиий маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди