Она юртимиз неъмати қовоқнинг аҳамияти

0
100
марта кўрилган.

Она юртимизнинг барча неъматлари каби қовоқни  ҳам халқимиз азалдан севиб исътемол қилади.  Ундан тайёрланадиган овқатларнинг тури кўплиги ҳам  ушбу неъматнинг аҳамиятини ўзида ифодалайди.

Инсон  доимо соғлом ва гўзал кўриниш учун ҳаракат қилади, ақлона овқатланишга эътибор беради. Исътемол қилаётган неъматини таркибини билишга интилади. Қовоқнинг кимёвий таркиби витаминлар ва минералларга жуда бой. Қовоқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилганда организм етарли миқдорда макро ва микроэлементлар, витаминлар билан таъминланади.

Қовоқ таркибида йод, фтор каби моддалар унинг таркибида бошқа полиз экинларига нисбатан кўпроқ ва у организм учун фойдали. Унинг уруғида 50 фоизгача ёғ мавжуд. Этида эса  А, С, В1, В2, РР витаминлари ва каротиноидлар, углеводларнинг миқдори сабзига нисбатан 5 марта ва қорамол жигарига нисбатан 3 марта кўпдир. Шунинг учун офтальмологияда кўриш қобилияти пасайганда қовоқнинг эти ва шарбатини истеъмол қилиш тавсия қилинади. Ундан ажратиб олинган моддалар сил таёқчаларининг ўсишига тўсқинлик қилади.

Жумладан, таркибидаги В1 витамини углеводлар алмашинувида иштирок этади. Унинг етишмаслиги асаб тизими хасталиги ва юрак-қон томири тизими фаолиятининг бузилишига олиб келади. В2 дармондориси (рибофлавин) турли ферментларнинг таркибига кириб, организмда кечадиган реакцияларда иштирок этади. Унинг етишмаслигида ангуляр стоматит кузатилади.

В6 витамини эса оқсиллар алмашинувида иштирок этади. Ушбу витаминнинг етишмаслиги сабабли  болаларда асаб толаларининг тортишишлари ва дерматит яъни тери яллиғланиши ривожланади.

В9 витамини (фолий кислотаси) – оқсиллар, холинлар алмашинувида иштирок этади. Қовоқ таркибида қаришнинг олдини оладиган моддалар бўлади. Шунингдек, унда жинсий безлар фаолиятини оширувчи Е витамини мавжуд. Пўстлоғида эса кўп миқдорда пектин ва клечатка бор.

 Унинг уруғларида липидлар, оқсиллар, витаминлар ва минерал тузлар кўп. Эндокрин тизимига ижобий таъсир этиши ва овқат ҳазм қилиш жараёнларини яхшилаши сабабли ҳам қовоқ ўзига хосдир. Яна унинг калорияси паст бўлганлиги учун ҳам ортиқча вазнли беморлар учун фойдали ҳисобланади. Йўтал безовта қилганида ва сил касаллигида қовоқ шарбати ёки хом пўстлоғи қўлланилади. Қовоқдан тайёрланган бўтқа бронхитда ва ҳароратни туширишда ёрдам беради. Яна бу полиз экини В12 витаминининг синтезида иштирок этади. Меъда ости безига ижобий таъсир этганлиги сабабли қовоқ таркибидаги кобальт моддаси инсулиннинг ҳосил бўлишида иштирок этади.

Узоқ умр кўрган инсонлар қовоқни ҳар кунги таом­номасига киритганини мутахассисилар аниқлаган эди. Операциядан сўнг у кучсизланган организмнинг инфекцияларга нисбатан чидамлилигини оширади. Атеросклероз, юрак қон томир тизими билан боғлиқ бўлган шишлар, буйрак, жигар ва қовуқ касалликлари, гипертония, моддалар алмашинуви бузилганда ҳам қовоқ жуда фойдалидир.

Ш. Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.