Ойдиннисо: АФВ (Шеърий қисса)

0
428
марта кўрилган.

Давоми

Шиша йўл устида борардим.

Усти сирпанчиғу ости – тубсиз жар.

Йўлим яққол қалтис,

аммо у йўлда

қалбим бирга эди мен билан.

Танладим ва кетдим шу йўлдан олға,

ҳаётимни бошқарар у йўл,

бошқарар-ку боши берк сўлга…

у қандай йўл эди?

Кўнгил йўлими?

Севгинингми, эҳтиёжнингми

ё алдамчи шуъланинг йўли?

Нима бўлганда ҳам,

не бўлганда ҳам,

баҳорини йўқотган юракнинг

тўрт фасли айланди баҳорга!

Яйдоқ чўлдай тақир,

ойсиз тундай қоронғи ҳаётимга

кўп узоқ кечикиб кириб келди нур.

На ёшим, на исмим,

на тақдирим ила қизиқди.

Қўл солди фақат кўнглимга.

Қўлларини шундай солдики,

кўнглимни бус-бутун олди суғуриб.

Ё билмади,

ё билмасликка олди,

ё билишни ҳам истамас эди

ўзининг кечикиб туғилганини.

Ё менинг шошганим саккиз йил.

Файласуф эмасман Феофраст каби —

аввал ўйлаб, сўнг севолмадим.

Кетдим-ку адашиб, улоқиб,

йўлларнинг аввалу охирларида.

Қўлимдан келмади

охири намоён манзилга адашмай етмак.

Бу йўлларга катта келди

ташна юрагим,

йўлсизлик ахтарди бир буюк.

Севдиму сўнг ўйлай бошладим.

Четдан томоша қилдим ўзимни.

Томоша қилдим ва

тик қаролмадим ўз кўзларимга.

Мен қандай бўлишни орзулар эдим?

Нега бўлолмадим орзумдагидай?

Бўла олганимдай бўлдим мен нега?

Ўзни оқламакка сабаблар бисёр.

Қоралашга эса катта сабаб бор —

мен эрли аёл!

Тўрт йилдирки ўзга юртларда

дом-дараксиз йўқолган эрим

ҳаётимда йўқ эса-да, тақдиримда бор!

Юрагимда йўқ эса-да, тақдиримда бор!

Мен бева ё қариқиз каби

ўз дардимни ошкор айта олгувчи,

шаҳзодамни излаб, орзу қилгувчи

бахтли ёлғиз эмас,

мен — эрли ёлғиз!

Гар эрим қайтса-да, ёлғизман.

Кўкрагига бошим қўйсам-да, ёлғиз!

Суянмоққа эмас,

ул кўкракни суяш учун қўядирман бошимни.

Дейман, аввал бунча гўзалмасди-ку

уйғоқ тонглар, зарбадан кунлар,

ўйчан шомлар, ёғдули тунлар.

Бунча гўзал туюлмасди-ку!

Кўзлар тўймас ҳаётга боқиб,

ҳаёт ичиб тўймас юрак.

Қалбларга бахт бўлиб юққим келар,

кетгиларим келар чўкиб шу бахтга.

Билгум, меникимас бу бахт борича,

аммо мен боримча бахтлиман!

Ўтмишимни кавлаштирмасам,

қўрқув туймасам гар келгуни ўйлаб,

айни лаҳзам учун боримча бахтли!

 “Бахтлиман” дейишга ҳаққим йўқ гарчи,

борган сари бахтга айланар эдим,

кўзларим бойланар,

бойланар эди.

Йўлидан адашар туйғу ҳам баъзан.

Кўзларим боламга боққанда,

унинг отасига ўхшаб кетишин

пайқаган кезларим адашар эди.

Туйғулар тентираб маст одам каби

эслолмай ўзининг кимлигин,

ўтиб юрар эди кўнгилнинг

у бурчакдан бу бурчагига.

Бўлиниб кетардим иккига, учга.

Сўнг синиқ кўзгунинг парчаларида

кўрган каби аксимни,

топа олмай қолар эдим аслимни.

Юрагимда — гурлаётган олов устида

рақсга тушар сакраб, тентираб,

ўзини ҳар тараф отиб бир дарвеш —

яқинроқ суриламан унга.

Бошимнинг устида эса бир доно

ифшо этар ҳолимни,

тушунишга, тушунмасликка

уриниб кўрар ва…

устимдан аёвсиз куларди:

“Баъзида тирноқлар безаги учун

Эртадан кечгача қилурсиз тоқат.

Бироқ ёрингизни кутгали нечун

Топилмас тирноқча сабру қаноат?”[1]

Алдаб овутаман виждонни:

“Эндигина тушундим, ахир,

гулдан гулга қўниб, бахтлар симириб

ва бахтлар улашиб юрган капалак

саккиз соат яшаб ўтган умрида

англаб етган ҳақиқатни мен.

Қалбим билан уйғун яшайман энди!”

II

Ташқарида шамол супураётир

тақдир бўлакларини…

Вақт томар чак-чак.

Ўн йилки бўйсунмай соатга

тўхтаб турган қайсар вақт томар.

Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг

Қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи

Ва ёки… ярадан томган қон каби.

Соат милларига боқаман:

01:00.

Етти соат қолди, тугайди бари,

ёки бошланар…

Тун ичра ярқирар

тонгдан қарз олинган бир томчи —

Лола.

Бадбўй балчиқда ҳам

ширин  ифор таратган,

Икки йилча яшаб ҳам бунда,

ифорини сақлаб қололган – Лола.

Лаъл, ёқут устига

қўрғошин эритиб қуйса-да,

тушмагандай унинг баҳоси,

Маҳбусалар ила яшаб ҳам бу қиз,

маҳбус либосида юриб ҳам,

юзида бир синиқ табассум

ва бир тоза қалбдан

нурли тароват,

кўзлари бахш этар дилга ҳаловат.

Унга қараб туриб ўйлайман баъзан:

Ташқаридагилар яхшироқми

ичкаридагилардан?

Шу қиз ёмонроқми ташқаридагилардан?

Нечун қисмат бу тонг парчасини

судраб келган узлуксиз тунга?

Қайтмакдан умидвор чиққан отаси

хайр-хўшни насия қилиб,

қайтмас бўлиб кетар

дорул бақога.

Уч бола етимлик ёзиғин олар.

Каттаси ўн ёшли Лола.

Бобо айтар Лола вояга етса,

уйни унга мерос қолдиражагин.

Улғайишга улгурмас Лола,

у улғайгунича яшаб туришга кучи етмас бобонинг.

Уйини ўз номида ташлаб, кўз юмар у,

ўғиллари кўз очишар мерос илинжида…

Лола ўн саккизга тўлган кун

имзо чекар

онаси ва нотариус ходими қўлига тутқазган

бир уюм хужжатга.

Енгиб чиқар курашда онаси —

уйнинг эгасига айланар Лола!

Ёз фасли экан ўшанда.

Бахт туғажак келиндай нафас олар

кунлар ҳансираб.

Тўй куни яқин Лоланинг.

Ёйиб кўрсатаётир сепини дугоналарга –

кўз-кўзлар туғилажак бахтнинг либосларини.

Дарвоза тагида кўринар миршаб.

Бир эҳтимол каби қўнар у аввал бошга.

Ортидан кўринар яна биттаси —

қовоқлари солиқ, одимлари сипо,

дунёнинг тақдирин ҳал этажакдай.

Турли гумон каби ёпишар энди улар юракка.

Маҳалла оқсоқоли кириб келар сўнг

котибаси ила

мудҳиш ўй каби.

Куёв бармоғига узук тақар паллада

билагига кишан тақарлар Лоланинг.

Фириб йўли билан мол-мулк ўзлаштиргани боис. 

Сохта хужжатларга имзо чеккани боис.

“Унинг тўйи бўлар яқинда, — изиллар она, —

тушуняпсизми ахир, белгилаб қўйилган тўйи!

Унда айб йўқ, мен қилдим барини!

Кишан солинг, мана, менинг қўлларим!

Олиб кетинг ишламаган бошимни, мана!

Фақат жигаримни олиб кетманглар,

Юрагимни олиб кетманглар-р-р!”

Онанинг зорига чўкади дунё,

чўкиб кетар унинг пушаймонига…

Кўз юммай ётар Лола.

Чўкиб кетган дунёларни қутқармак учун

кутаётир тонгни.

Давлатдан берилажак пулни ҳам кутар

худди шунинг учун.

Даволатиш керак онасини.

Бўйсунмайин қўйган оёқларига

бўйсуниб,

ўтирган ерида қўллари ила

ўзи ҳаёт берган болаларига

ризқ улашаётган ёлғиз онасини.

Яна… бошпанага тўлов.

Шукр, имтиёзи бормиш,

Давлат арзон уй берётганмиш.

Тўй қилмакка —

бахт сотиб олмакка ҳали бор…

Ўқиб, одам бўлмак ҳам керак.

Бир фахрли юлдуздай қўниш учун

менинг кўксимга.

Узлуксиз тун ичра ярқирар

тонгдан қарз олинган бир томчи —

Лола.

Ҳадя этган менга у

йиллар аро унутиб қолдирганим –

ўз-ўзимни эслаш бахтини…

Шоир билан учрашдик

маънавият дарсида.

Рангин кўзойнагин тутди шоир

бизнинг кўзларга,

шеър бўлиб кўринди дунё,

гул бўлиб кўринди.

Ўз қадрини англаб қолди юраклар.

Дарсдан сўнг жим эдик,

шўнғиб кетгандай ўз юрагимизга,

орзуимиз, армонимиз, тилагимизга.

Мен томонга хиёл энгашиб Лола

сукутни бузди:

“Шу одамнинг

тагидан курсисин олиб қўйсалар ҳам,

Ватан бўлармикан ўтирган ери?

Ё душманга айланармикан?

Қоралаб бошларми ватанни?”

“Унинг баланд курсиси йўқ, —

жавоб бердим, —

Халқнинг юрагида – шоирнинг курсиси.

Тўлғоқ тутган аёлнинг

ёлғон туққанини кўрганмисан ҳеч?

Шоир ҳам туғади.

У ҳар гал тўлғона-тўлғона

дунёни туғади қайтадан.”

“Лекин тўқишиям мумкин-ку.”

“Йўқ, бу шеърлар тўқилган эмас.

Вақт ва дид ўғриси эмас бу шоир.

Қалбни, онгни заҳарловчи

жиноятчи ҳам эмас.

Дарс берганман, тушунаман озми-кўп.”

“Опа, — деди Лола тортиниб, —

бундан чиққач… бўлармикан ўқишга кирсам?”

“Нега бўлмас экан? Бўлади!”

“Биласизми нима?

“Ўтириб чиққан”ни олиб бермайман,

деганмиш унинг онаси.

Менинг кучли бўлгим келар!

Шу қадар кучлики,

шундай кучлики,

тўғри бир азму қарор,

ноёб бир фикру хаёл

бўлгим келар унинг кўнглида,

ўйида.

Ташлаб кетолмасин токи ҳеч қачон!”

“Ташлаб кетолмайди сендайин гулни!”

“Опа, жон опа, менга дарс беринг.

Мени одам қилинг, худодан қайтсин!”

Юзимни тескари бураман.

Сўз сўраб бўларми ахир гунг одамдан?

Кўр одамдан нур сўраб бўларми?

Тўғри, яхши кўрар эдим касбимни.

Энди қандай ўткирлайин,

не билан чархлай

тилимда занглаган сўзлару,

қалбда қурум босган меҳримни?

***

Барча йўллар тўғридай гўё.

Барча йўллар эгридай яна.

Шу қадар чалкаш,

шу қадар қоришиқ —

арқондай эшилган бири-бирига.

Ажратсанг,

мўртлашиб қолгудай,

узилиб кетгудай

кўтаролмай кўкка ўрлаётган одамни.

Кўтаролмай олдга юраётган одамни.

Агар шундай бўлмаса,

йўллар фақат тўғри ё эгри бўлса,

шогирдларга тўғри йўл кўрсатиб,

юрармидим ўзим бунда

эгри йўллар аро адашиб!

Агар йўллар

фақат тўғри ё эгри бўлса,

Ватан оиладан бошланар,

дермидим –

мен оила ҳақида гапирармидим

хаёнаткор бўла туриб!

Агар йўллар

фақат тўғри ё эгри бўлса,

юрагимда бегона бахт туя туриб,

оила бахтидан сўзлармидим мен –

Виждонсизлик қилармидим

виждонни покламак учун!

Биласизми, — дегандим мен

болаларга, — Биласизми, бахт нимада?

Бахтли оила қандай бўлар?

Дейлик, уни бир уй деб билсак,

пойдевори муҳаббат бу уйнинг.

Девори ҳурмат,

томи ишонч,

устунлари самимият.

Ҳа, ҳа,

мажбурият эмас, самимият!

Биргалашиб бир манзилни кўзлайдилар,

бир мақсаддан сўзлайдилар

бу оила одамлари.

Соатлаб, кунлаб, ҳафталаб, ойлаб, йиллаб,

умрлаб,

баъзан сўз, баъзан сўзсизлик ила

суҳбат қурар, қураверарлар,

Нигоҳларин, дилларин тинглаб,

бир-бирларин англаб юраверарлар.

Зерикмайди бир-бирларидан,

чарчоқ сезмас,

ҳеч қачон безмас.

Меҳр-муҳаббатга ҳар дам кўмилиб,

яна унга ташна бўлаверарлар.

Жунбушга келару тинаверарлар.

Тиниқ, сокин кунларнинг бахтин

ҳис эттиргай бўронли кунлар.

Қайғудан-да қувонч топтиргай

муҳаббатли, меҳрли йўллар…”

Ўз сўзимга ишониб ўзим,

гапирдим, гапирдим, гапирдим.

Сўнг эса…

сўнг эса энди бу ерда

ҳеч қачон

ҳеч нима ҳақида сўзламасликка,

болаларни қайтиб алдамасликка

онт ичиб, тугатдим сўнгги дарсимни…

 “Қол, — деди директор, — кетмагин,

сени мукофотга ёзганмиз”.

“Тушунинг, (сабаби ўзимга аён)

йўқ ахир маънавий ҳаққим!”

Ўйладимки,

мукофотим – кўксимдаги муҳаббатим!

Чинакам бахт нима?

Бахтсизлик нима?

Бахту бахтсизликнинг чегараси не?

“Бахтлиман!” деб кўкрак керишинг

ё сени бахтли, деб ўйлашлар бахтми?

Ясама гул каби гўзал, ифорсиз

умрингга суқланиб бўйлашлар бахтми?

Қалбингда эмасми бахту бахтсизлик?

У неларни туйишингмасми?

Ҳаққим бормиди ахир

“Менинг оилам!” деб тилга олгали?

Меники, дейишим мумкин нимани?

Мен ҳеч қачон ҳеч кимга бермас

ва тортиб ололмас ҳеч кимса мендан

неки нарсам бўлса,

ўша меники!

Мендаги нималар меники эди?

Тафаккурим, фасоҳатим, адолатим,

болам, туйғум, муҳаббатим,

севган инсонларим ёди ва яна

ўз қарашларимга қатъиятим…

Кўп нарса меники,

лек бу рўйхатда оилам йўқ!

Гўёки бордайин, бироқ йўқ!

Юрагимни ҳарчанд титиб ҳам,

излаб тополмайман бундай туйғуни.

Ўзимда йўқ ҳисни

болалар қалбида қандай уйғотай?

Ҳаққим борми шундай риёкорликка?

III

Ташқарида шамол супураётир

тақдир бўлакларини…

Вақт томар чак-чак.

Ўн йилки бўйсунмай соатга

тўхтаб турган қайсар вақт томар.

Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг

қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи.

Ва ёки… ярадан томган қон каби.

Соат милларига боқаман:

02:00

Олти соат қолди, тугайди бари,

ёки бошланар…

Уйқуда жилмаяр

шўроб ерда ўсган дарахтдай Шойиста.

Дуч келган кимса

шохларини эгиб, синдириб кетгувчи

дарахтдай.

Ва ё қўғирчоқдай латта вужудли.

Ҳаммавақт,

ҳар ерда

дуч келган одам

истаган ролига ўйнатар уни:

Кир ювувчи, овқат ташувчи,

уқалаб қўювчи,

йиртилган кийимни ямаб берувчи…

Фақат бир нарсадан —

буюрилган ролга сўзсиз киришдан,

итоат-ла бўйсунишдан

таскин топгувчи.

Борлигини  пайқашларидан

мамнун бўлгувчи.

Ҳеч бир кимса уни хўрламаса-да,

ўзи ўзин хўрлаб юргувчи.

Хокисор,

кам сўзли,

доғ юзли Шойиста.

Тик боқмас кўзларга.

Унинг кўзига-да тик боқиб бўлмас –

йиғлаб юбориш мумкин!

Бир ҳазин куй куйлагандай ўйлайман:

“Қандай боққан экан унинг кўзига

жазо тайинловчи?

Ахир, шипшиб тургандир қалби

унга ҳам  

Шойистанинг жиноятчи эмаслигини?

Итоат этганини кимгадир сўзсиз.

Қай бир айёр режиссёрнинг

“Жиноятчи бўл!” дея

берган ролин қойилмақом ўйнаганин.

Мамнуният ила бажарганин

орзусига етаётгандай.”

Худо уриб қўйган бандани

урмас бандалар.

Энг урушқоқ хотинлар-да урмаслар уни.

Қисматидан сўз очсалар, бас,

безорилар қийноғидан қўрққан мушукдай

ғужанак бўлар Шойиста.

Тилларини ютиб юборар.

Қилмишини яширмак истаган қотил

марҳумга тош боғлаб

чўктирган каби

чўктириб юборар сирини юрагига.

Ё билмасми ўзи ҳам

бу сирнинг нелигин?

Билгали фаҳми етмасми?

Уйқуда жилмаяр ана шу Шойиста.

Тушида

велосипед олиб берар ўғлига.

У қамоққа олинганида

беш ёшидан ошган ўғлига.

Бир кун ёлғиз учратиб мени,

қисиниб-қимтинган эди бир муддат.

Яна бир муддат

энг нозик сирини ошкор этгудай

ёки кўтаргудай муҳим масала,

тилга жамлаганди бутун журъатин.

Ва сўраган эди шивирлаб:

“Билмайсизми мабодо, ҳозир бозорда

уч оёқли, қўнғироғи бор

велосипедча қанча тураркин?”

“Нима қиласан уни?”

“Ўғлим орзу қилар шунақасини.

Туғилган кунига ваъда қилгандим.

Пул йиғаяпман.

Яна беш йил қолди, қутулиб чиқсам,

уйга кириб борсам у орзу қилган

велисопедни кўтариб,

қувонса кераг-а роса?”

“Ўтирганингга неча йил бўлди,

Шойиста?”

“Тўрт йил.”

“Демак, ўғлинг ҳозир тўққиз ёшида,

чиққунингча кирар ўн тўртга.

Уч оёқли велосипедча минармикан

ўн тўрт ёшли бола?”

Кутилмаган шумхабарни эшитгандай,

буришиб кетди Шойистанинг доғ босган юзи,

йиғлаб юборди ерга тикилиб.

Наҳотки,

наҳотки Шойистасиз ҳам

ўн тўртга кираверар унинг боласи?

Наҳотки онасининг

велосипедга яраша пул йиғиб

қайтишини кутиб турмайди

унинг болалиги?!

Тонг отса,

шу тунни,

биргина шу тунни отса тонг,

беш йил олдин ушалар Шойистанинг

ва боласининг орзуси.  

Унга ҳавас билан боқаман.

Бу тонг отса,

Шойиста каби

менинг ҳам манглайимдан

отар “маҳбус” тамғасин.

Аммо болам мени кутарми

Шойистанинг боласи каби?

Фурсат қузғунлари чўқилаб ойни,

тундан тун яримлаб борганида ой,

тўлишиб борарди кўксимда умид.

Билмасдим, бу умид нимадан?

Вақтнинг ўтишини кутарим аён,

лек нени кутаман вақт ўтгандан сўнг?

Тонг отса, тугайди кутиш эрмаги.

Соғинч эрмаги ҳам соб бўлар.

Кейин мен қай томон юраман?

Қай томон кетаман бош олиб?!

***

Эшик тақиллаган эди ўшанда

ярим тун.

Бедор эдим, сапчиб турдим ўрнимдан.

Кўзгуга қарадим,

сочларимни турмаклаб олдим.

Эшик тақиллади яна бесабр.

Эшик товушидан баландроқ тақиллади

юрагим.

Бу тун жуда қаттиқ кутгандим уни

кўксига бош қўйиб йиғламак учун,

юракда борини сўзламак учун.

Очиб юбордим эшикни

ва бағримни.

Пайдо бўлди очилган бағримда

тўрт йил олдин изсиз йўқолган эрим…

Тисарилдим бир қадам ортга!

Яқин келиб, қучмоқ истади эрим,

итариб юбордим уни,

хиёнатга чорлаётган

бегона эркакни итарган каби.

Ахир энди уники эмасдим.

Хаёлим, кўнглим, жисмим ила

уники эмасдим.

Фақат уникиман тақдирим ила.

Аммо ўзгартириш мумкин тақдирни!

Уч кун олиб қочдим ўзимни.

Уч кун тутмоққа пайт пойлади эрим.

Сўнг эшитди мендан бор ҳақиқатни.

Эшита туриб ҳам

шу қадар меҳрибон эдики,

марҳаматли эдики шу қадар,

Чеховнинг узр сўрайвериб ўлдириб қўйган

қаҳрамони каби

ўлдириб қўйиши мумкин эди одамни

ўзининг бу яхшилиги ила.

Шубҳа қилганимдай,

ўз шубҳамдан таскин топганимдай,

ўрисга ҳам уйланмабди,

аксига олиб.

У қутулиб келган эди қулликдан.

Кетаман! — сўнгги қароримни айтдим

охири. — Тозалик қиласиз менга.”

“Афсус чекмасмисан ортингга қараб?”

“Пушаймон бўларман балки,

лекин бу яхшироқ

умрбод юрагимдан айро яшашдан.

Ва яна яхшироқ

умрбод юзингизга тик қарай олмай,

хиёнаткор, юзим қаро яшашдан.”

“Унутиб юборсам-чи эшитганимни

ҳеч қачон ҳеч нима бўлмагандай?”

“Барибир кетаман.”

“У шунчалик яхшими?”

“Тўғри, у сизчалик яхшимас,

Лек яхши кўраман уни сиздан кўп!”

“Болангдан ҳам кўпроқ севасанми, айт?”

“Балки ҳа, билмайман, балки йўқ…

Ахир умр бир бор берилар кишига.

Шунингдек,

ўлим ҳам берилар бир бор.”

Тўғри қилдимми мен?

Билмам.

Билганим,

ҳақиқатни айтган ҳамиша ғолиб

гарчи зарарига айтса ҳам уни!

Алдов йўли билан фойда кўрганлар

гар фойда кўрса ҳам мағлубдир, мағлуб!

Шундай ўргатганди менга устозим,

шундай ўргатганман шогирдларимга…

IV

Ташқарида шамол супураётир

тақдир бўлакларини…

Вақт томар чак-чак.

Ўн йилки бўйсунмай соатга

тўхтаб турган қайсар вақт томар.

Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг

қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи.

Ва ёки… ярадан томган қон каби.

Соат милларига боқаман:

03:00.

Беш соат қолди, тугайди бари,

ёки бошланар…

Шу тунни кўриши,

уйғонажак тонгни кутиши

мумкин эди сўконғич Санам опа ҳам.

Яхшийди сўконғич бўлса-да,

эркакшода бўлса-да яхшийди,

қопағон ит каби ириллаб баъзан

ташланиб қолса-да яхшийди.

Бу ерга илк келган палламда

менга энг кўп ёвқараш қилиб,

қўрқитган эса-да яхшийди.

Ахир кейинчалик ўргатди менга

тикиш-бичишни,

чин юракдан, сўкина-сўкина.

Тиғдай санчилса-да юракка сўзи,

оғриқ бермас,

чандиқ қолдирмас эди.

Тўсатдан бир ердан ёнғин чиққандай,

ёниб кетар ловуллаб,

кўп ўтмай ўчар ва айланар эди

совиган кулга.

Ҳеч нима, ҳеч нима топиб бўлмасди

бу кулни нигоҳ-ла титкилаб.

Сўз-ла титкилашга эса

етмасди ҳеч кимнинг журъати.

Ўзи ҳақидаги бу тасаввурни

парчалашни қачон бошлади

Санам опа?

Эсладим!

Лоланинг тушлари айбдор бунга.

Қизгина бир куни

сойдай тошиб, қирғоғига урилиб,

орзу-армонига берилди беҳад –

Кўнгил ёриб қўйди кўпнинг олдида:

 “Агар тушларимни гапирсам сизга,

агар айтаверсам хаёлларимни,

мабодо учини чиқариб қўйсам,

орзуим, ундаги имконларимни,

чўкиб кетишингиз мумкин армонга.

Армондан оғири борми инсонга!”

Эртакка ишонмай қўйган болалар

эртакка ишонган боланинг

устидан кулгандай

масхара қилдилар уни.

Фақат Санам опа оғир хўрсинди.

Энг дийдаси қаттиқ,

сўконғич Санам опа

хўрсинди!

Ўзига ўхшамас бир ҳасрат ила,

кўзларида оғир дод ила хўрсинди у:

— “Тушларингни менга сот, Лола.”

Ҳазилга йўйдилар, кулдилар.

Бора-бора ўзгарди Санам опанинг феъли,

Лоланинг тушларин сотиб олгали

пул йиға бошлади ишлаб куну тун.

Ҳаммадан кўп тикди ҳарбийлар учун

қулқопларни ва ўзга либосларни.

Ўзи билан ўзи бўлиб қолди у,

озор бермай қўйди ҳеч кимга.

Сўнг эса тиржая бошлади,

тиржаяверди эси оғган одамдай.

Секингина шипшиди бир кун

менинг қулоғимга:

— “Лоланинг тушини тортиб олдим мен!

Ҳаммадан бахтлиман энди!”

Ўша кун ўзини

малика деб эълон қилди Санам опа.

Шаҳзодага — уни севгувчи,

энг гўзал малак деб билгувчи

кўркам ва меҳрибон шаҳзодасига

фарзанд туғиб бера бошлади ҳар кеча.

Кўп ўтмай ахтариб кетди у,

ахтариб кетди жиннихонага

қадр топмаган ўз муҳаббатини,

шахсиятини.

У кетгандан кейингина англар ҳамма

унинг яхшилигини.

У кетгандан кейингина эшитарлар чунки

унинг фожиага тўла ўтмишин.

Эрини севган бир аёлдай

қалбининг энг сара дур-гавҳарларин

тўкиб яшар Санам опа эрининг пойига.

Аммо…

кераги йўқ экан эрга буларнинг.

Бир ёстиққа бош қўймас у билан,

овқат емас бир дастурхонда.

Санам опа йиғласа гар санамларга хос,

юзи буришар норози эрнинг:

“Қорнинг тўқ, устинг бут, не етмас яна?”

“Қорним тўқ, кўнглим оч!

Устим бут, кўнглим ярим!

Етмагани қадр-қиммат,

Етмагани муҳаббат!”

Санам опанинг уч йил умри ўтар шундай —

яшалмай.

Уч йил умри ҳидланишга зор гулдай ўтар.

Сўнг сезиб қолар севимли эри

ўзга гулни ҳидлаб юрганин.

У кўзгуга боқар узоқ,

ўз аксига термилар, термилар.

Чиройли кўринар ўзига ўзи.

Муносибдай кўринар буюк бахтларга,

гўзал, тўкис бахтларга.

Сўзланар:

“Ушлаб қололмадинг-а

Яратганнинг сен учун яратган бахтини?

Бериб юбординг-а бир бегонага?”

Бир силкиниб тўкиб юборар Санам опа

ўзидаги ўзини,

ўзгага айланиб олар ва ўйлар:

“Ё меники бўлгай, ё ҳеч кимники!”

Куз экан ўшанда.

Ёнаётган экан дарахтлар Санам опага хос.

Совиётган экан ҳаво уларга қарши.

Энг чиройли кўйлакларин кияр Санам опа.

Сочини турмаклатар пардозхонада.

Юз кўзини бўятар бахтиёр аёлларнинг рангига.

Гўзал аёлларнинг рангига бўятар.

Энг бекам аёл бўлиб қолишни истар

эрининг сўнгги тасаввурида.

Кетар маҳалдаги тасаввурида

энг бахтли аёлдай кетишни истар.

Узоқ кезар шу истак-ла у кузги боғни.

Лахча чўғлар оралаб кезар.

Дарахтлар ёнар.

Иситгиси келар совиётган ҳавони улар.

Санам опа ёнар.

Ёндиргиси келар бир бор эрини.

Уйига йўл олар шу истак ила.

Заҳар қўшиб берар эрининг емагига.

Ёна бошлар эри.

Йиғлаб югура бошлар Санам опа тўрт томонга,

кўчага чиқиб,

қилмишини айтаверар яхши-ёмонга.

Эрининг ўтини ўчирар “Тез ёрдам”.

Панжара ортига сепилар

ёниб битган Санам опанинг кули.

“Бечора! — хўрсинар Лола. —

Ақлидан ҳам айрилди энди!

Даволай олишармикан уни?”

“Дўхтирларнинг ўрнида бўлсам,

даволамас эдим уни ҳеч қачон.

Билсанг, шу ҳолида у анча бахтли.

Аввалгидан юз чандон бахтли!”

Ҳайрон боқар Лола аёлга.

Чиройли жилваланар кўзларида

ўлмаган ҳайратлари:

“Дейлик, сиздан эрк эвазига

ақлингизни сўрашса, берармидингиз?”

“Берардим, қўшқўллаб берардим.

Ақл тўрларидан қутулиб,

ҳеч нени англамай яшаш кўп осон,

юракни унутиб яшашдан кўра.”

Лола ўйга чўмар, сўзга сўз қарздордай.

Ўйлай-ўйлай топар:

“Гар мендан сўрашса,

қулоғимни берардим эрк эвазига.

Бу шовқинли дунёни эшитмаслик қандай яхши!

Нимани тинглашни истасанг,

тинглайсан шуни.

Мен кўмилган бўлсам-да бунга,

мен ҳақимда иғво қўшиқлар тирик.

Тинглашга мажбурман уларни, чиққач”.

Яна нималар дер Лола, билмайман.

Юрагимни чўқир хотирлар,

пичирлайман ўз ўйимдан ярадор:

“Биласанми, энг катта бахтсизлик нима?

Нима аёл учун улкан фожиа?

Сен буни билмайсан, 

ҳеч қачон билмагин, Лола…”

***

Кетиб борар эдим,

оғриб изларим.

Оғриб юрагимда бир шафқат.

Ўз эрига дор тутиб чиққан

зулмкор аёлдай кетардим.

Ҳар қадамим бир қотил эди

йироқлашган сари уйимдан.

Қаро юзларимни оқлаб берар ким?

Ким қутқарар мени

ўз қўлларимдан?

Қўлларим тердилар унинг рақамин,

бир таскинга узалган каби,

узалгани каби бир бахтга.

Ва дедим ғам-қувонч қоришиқ

кўзёш-ла йиғлаб:

“Ташлаб келдим тақдиримни мен,

энди сизникиман бор-будим билан”.

Нима қилиб қўйдинг, муҳаббат?

Нима қилиб қўйдинг, бахт қуши?

Нега бунча совуқдир ҳукм?

Нега бунча оғирдир тинглаш:

“Опа, ҳозир мажлисда эдим,

кейинроқ қўнғироқ қиламан ўзим”…

Яхши кўрар эдим “опа” сўзини.

Мен бу сўзга суянчиқ эдим

ва суянчиқ эди менга у.

Бир малҳам томчидай кафтимга томса,

юрагимга қараб шўнғирди бу сўз

ва ёдга соларди бола кунларни,

бола дилларни,

бола тилларни.

Нон чайнаб едиргим,

Сўрғичини мураббога ботириб бергим,

Жонли қўғирчоқдай кўтариб эркалагим,

Йиғлатиб, кулдириб, гапиртириб ўйнагим,

Сочларини турмаклаб

томоша қилгим келарди бу сўзни.

Кераклигимни ҳис этардим бу сўзга мен,

Кераклигини ҳис этардим уни ўзимга.

Шундай бўлиб қолар эди бу сўз мен учун,

Баъзида бир эрка тантиқлик ила

этагидан тутиб онамнинг

шикоят қилсамда унинг устидан.

Шундай бўлиб қолар эди бир умр

танимаса эди бу сўз тилингни.

Танимаса эди сенинг тилингни!

Англайман,
англаб юриб тан олмаганим

ҳақиқатни энди теранроқ.

Компьютер экранида

қора ҳарфлар билан ажратиб

кўрсатилган сўздай англайман.

Унинг алдовига ишониш учун

мен ўзимни алдадим узоқ!

Вақт ортга қайтмас!

Сидириб бўлмас асло

манглайимдан “опа” сўзини!

Ташландиқ бўлишга дош бермас юрак!

Ташлаб кетишидан аввалроқ

уни ташлаб кетишим керак!

***

“Биласанми нима? — дейман

Лолага қараб. — Бу ернинг ҳам

афзал томонлари бор.

Ҳарҳолда, емагинг, ичмагинг, ётоғинг тайин.

Китоб ўқимакка имкон бор.

Ўйламакка имкон бор

ўзинг ҳақингда,

ўзгалар ҳақида,

эрк ҳақида…”

“Ташқаридагиларчи?”

“Улар кўп ишлайдилар.

Сен билан менда бор шу нарсаларга

эришмак учун

кундузи ишлай-ишлай,

тошдай қотадилар тунда тўшакда.

Ўйламакка вақтлари бўлмас”.

“Нима деб ўйлайсиз,

ҳайвонот боғининг қафасларида

емишу табиби тайин ҳайвонлар

ўрмонда оч-наҳор изғиб-изиллаб,

тирик қолиш учун курашиб юргувчи

озод ҳайвонлардан кўра бахтлими?”

“Билмайман.

Одамнинг фарқи бор ҳайвондан.

Яна бу икки ҳолатда мақсаду моҳият бошқа.

Ҳайвонот боғининг ҳайвонлари

хизмат қилаётир кўрсатиш учун одамзодга

ўз зотининг бу дунёда мавжудлигини.

Биз эса қопағон ит каби

жамиятни биздан асрамак учун

боғлаб боқилаётирмиз”.

“Лекин биз ҳам ишлаяпмиз”.

“Бажармаяпмиз ўз ишимизни.

Қўриқлайди қопағон ит ҳам.

Демак, у ҳам ишлар.

Фақат у қилган ишни бажариши мумкин

бошқа воситалар-да.

Хоҳлаган бир кимса бажарар

бизнинг ишларни.

Меҳнат ўлдирмайди одамни,

оғир бўлса ҳамки ҳаётдан,

у ғуссадан оғир бўлмас ҳеч қачон.

Аксинча, отангдай бошингни силаб,

онангдай овутар.

Меҳнат ўлдирмайди одамни,

ўлдириши мумкин мақсадсиз меҳнат!”

“Дейлик, шу ерда ҳам сизга

муаллимлик учун маош тўлашса

ва рухсат беришса болангизни

ёнингизга олиб яшамак учун.

Шоҳона таомлар ила сийлашиб,

яшасангиз иззат-икромда,

озодликка чиқиш учун шунда ҳам

воз кечармидингиз бирор нимадан?”

“Умрбод шундай бўлсами?”

“Умрбод шундай бўлса.”

“Воз кеча қолардим ҳаётдан!

Прометей ҳақида ўқигансан-а?

Жигарини чўқир қузғунлар,

қайта ўсаверар жигар.

Чўқийверарлар,

ўсаверади у.

Ўсмаса эди шу жигар, қутулар баридан.

Биратўла қутуларди.

Шуни истаган бўлса керак Прометей.

Аммо бу истакнинг энг ичкарисида

бир умид ҳам бўлгани аниқ.

“Шу гал ҳам ўсиб чиқса… эҳтимол…” деган.”

“Демак, эрк бу — емак-ичмак эмас,

болангни қучмак ҳам эмас…

Унда шу бетон деворлар ичидан чиққач,

ўзимизга яна девор излаймиз нега?

Нега панжара ясатамиз деразаларга,

ер юзига чегаралар қурамиз?

Эрксизлар топинган,

эрклилар топтаган эрк ўзи нима?”

V

***

Ташқарида шамол супураётир

тақдир бўлакларини…

Вақт томар чак-чак.

Ўн йилки бўйсунмай соатга

тўхтаб турган қайсар вақт томар.

Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг

Қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи

ва ёки… ярадан томган қон каби.

Соат милларига боқаман:

04:00.

Тўрт соат қолди, тугайди бари,

ёки бошланар…

Шу умидбахш тун оқарса,

ҳеч нимадан воз кечмай туриб,

эркка эришиши мумкин эди

Доно ҳам.

Кўргазмага қўйилган эски буюмдай,

саришталик ила хушфеъллигини

атай кўз-кўзловчи Доно.

Уйга вазифани аъло бажариб,

кўпнинг олдида мақталмакни хуш кўргувчи

синфком қиздай Доно.

Илдизи мустаҳкам, шохлари йўғон

дарахтларни ағдарган бўрондан ҳам

бошларини эгиб жон сақлаб қолажак

нозик майсалар каби Доно.

Командирларнинг ишонгани,

маҳбусларнинг ёқтирмайин,

ҳурмат қилгани,

Ўнбоши Доно.

Баҳор эди ўшанда.

Нафис бўйли маккора баҳор.

Қамоқхонага ҳам қай бир тирқишдан

суқилиб кирганди унинг маст айлар бўйи.

Масхара қилгандай қитиқлар туйғуни.

Силаб-сийпаб, нозик букар эди у

ёлғизликка, айрилиққа, ҳижронга

дош бермакка иродани.

У ёқдан бу ёққа ағанаб чиқди Доно

тун бўйи.

Билдирмай ушлаб кўрди нок каби осилган

сўлғин сийналарини.

Сўнг оғзини қўли билан беркитиб,

гавдаси силкинди кўрпа тагида.

“Эрини соғинган, — ўйладим. —

Хат ёзмай қўйганмиш эркалаб.”

Ҳар саҳар энг аввал уйғониб,

турғизарди ҳаммани.

Турмай ётаверди ўша эрталаб.

Йўқламада йўқ эди Доно.

Уни йўқлаб кирди навбатчи йигит.

Ишлашга ундади.

Ёш ва келишган эди у.

Бўйи узун,

елкалари кенг,

билаклари чайир.

Офтобда қорайган, тобланган, пишган.

Ўзига ишонган эди камига.

Формада янаям бўртиб кўринарди

йигитлиги.

Доно жилмади ётган еридан.

Қараб ётди уни илк бор кўраётгандай.

Ёдлаб олинган чучмал шеър эмасди

унинг нигоҳи энди.

Уйга вазифага

шариллатиб жавоб берган боланинг

мақтов эшитмаклик ишончи ила

устозига боққан нигоҳи ҳам йўқ эди

кўзларида.

Вужудининг табиий талаби бор эди.

Аллоҳ яратган ҳар тирик вужуднинг

таом емак,

ухламак,

хожатини чиқармакка ўхшаш

табиий талаби.

Бу талаб олдида ожизлиги бор эди одамнинг.

Ёш ва келишган эди назоратчи йигит.

Ёшлик қилди аёлни тушунмакликка.

Қатъий ишонч билан буюрди:

“Туринг ўрнингиздан!” 

Доно сакраб турди ўрнидан.

“Олдимга тушинг!”

Доно яқинлашди унга ва

илондай чирмашди ўнта бармоғи

йигитнинг бўйнига,

вишшиллади заҳарли тили:

“Менга қара, сен ваҳший, золим,

ўлиб қоласанми ширин сўз ила

сийласанг бир бахтиқарони!”

Шошиб қолди йигит.

Силтаб олиб ташламоқчи бўлди

қўлларни бўйнидан.

Тириклайин гўрга тиқилган одам

чиқмоқчидай тупроқни тирнаб,

қадр сўраб, эътибор сўраб,

бош кўтарган эди Дононинг ичида

аёллиги.

Бари йўлни тез босиб ўтиб,

қисматнинг ўзига аталган

жабру жафосининг барини ютиб,

тезроқ қутулишни истар эди у

бу ситамлардан.

Ҳамон бақиришда давом этди у,

давом этди йигитга чанг солишда:

“Билиб қўй, сен кишан таққанинг,

“маҳбус” дея тамға босганинг билан,

хўрлаганинг,

шаънимни топтаганинг билан

устун бўлолмайсан Оллодан,

рад эта олмайсан одамлигимни!

Олло эмассан сен, билиб қўй!

Тақдиримни ҳал этолмайсан!

Сен тенги бир Одамман мен ҳам!

Рад этолмайсан буни,

рад этолмайсан!”

“Одам бўлсанг, одамдай яша эди,

торт мендан қўлингни!”

“Бўғиб ўлдираман ҳозир сени!

Майли, отиб ташлашсин кейин!”

Ўғирлик ила қамалганди Доно.

Ўшанда ҳам саришталик ила хушфеъллик

либоси остида

чидаб яшаб юрган бўлса керак

узоқ йиллар.

Қадимги Англия қироличаси либосидай

ҳашамдор, ноқулай ва тор бу либос

қисиб ташлаган бўлса керак унинг

аъзойи баданини,

юрагини.

Бечораваш, қўли калта эрига қараб,

бу либос ичида

шишиб кета бошлаган

ичига аламлар тўлаётган Доно.

Ва бир куни ёриб юбориб либосин,

исён кўтарган бўлса керак ҳозиргидай

қисмат олдидаги ожизликка қарши.

Йўқсилликка қарши.

Ўйлаган бўлса керак:

“Йўқдир йўқотгувчи ҳеч нимам,

Йўқ нарсани қандай йўқотмоқ мумкин?

Ҳаттоки… мен ўзим йўқ одам”.

Китоблар айтарак:

Йўқсиллар шижоат кўрсатса,

қўпол ва нодон деб қарши оларлар.

Сахий бўлса, исрофгарга,

мулойим бўлса, қўрқоққа чиқарарлар уни.

Бой айтганда мақталган сўзлар

бачкана янграйди йўқсил оғзидан.

Бир орзу қилишга етмас журъати.

Доно журъат топган бўлса керак орзуга.

Орзусини қутқармак умидида,

парваришлаш умидида уни авайлаб

ва тезроқ, жуда тез етишиш умидида

осон йўлга юзини бурар,

юлиб улоқтирар кўксидан қалбни.

Ва бир кун биларки, қалб ила бирга

ўшал орзуни ҳам қўйган йўқотиб.

Ўзини ҳам қўйган йўқотиб.

Йўқ одамнинг сояси қайдан?

Қайдан бу йўқ гулнинг хазони?

Ўйласа, бор экан ҳамма нарсаси:

Севги қўниб турган бир парча ери,

пок виждони, қалбда меҳри, муҳаббати,

бир этак боласи, меҳрибон эри,

ҳеч нимага алишиб бўлмас ҳаловати.

Йўғи чидам, қаноат экан.

Чимдим ҳаракат экан.

Хўш, менинг Донодан ҳеч фарқим борми?

Кичиккина болакай катта ҳўкизнинг

бўйнига сиртмоқ солиб етаклагандай,

етакламадими мени ҳам кўнглим?

Енгиб қўйганидай Донони нафси,

кўнглим мени енгиб қўймаганмиди?

Ўғирлаб қўймадимми мен

боламнинг тўкис болалигини?

“Қўлимнинг қонлиги болам учун!” дейман.

“Дилимнинг қонлиги болам учун!” дейман.

Нега тан олмайман,

тан олишдан қўрқаман нега

ҳаммаси бўйнимга сиртмоқдай илинган

кўнглимнинг иши эканин?

“Нимага эришдинг?” деб сўрасалар,

“Ўзимга дўст бўлдим” дер Гекатон.

Давом эттирар буни Сенека:

“Ўзини ўзига дўст тутган одам

дўст бўла олади ўзгаларга ҳам”.

Мен ким?

Ўзгаларга дўст бўла туриб,

ўзига дўст бўла олмаган кимса!

Мен ким?

Ғанимларнинг барини енгиб,

енгиб асир ёки мағлубга эмас,

дўстга айлантириб барини,

нафсини ҳам дўст деб ўйлаган кимса!

Чарчатар ҳар ненинг муттасиллиги.

Ҳатто бахт ҳам

тўйдириб юборар одамни

муттасил бўлса.

Айниқса, ёмон ҳолдан тойдирар экан

узоқ йил муттасил маҳбуслик.

Танаффус берилмас лоақал бир кун.

Ҳайдаб сололмайсан қора бугунни,

ёруғ келажакдан қарз олиб бўлмас,

фақат суяниш мумкин

ўтмиш тирқишидан тушган ёруғга.

Игнадай тешикдан бостириб кирар

туядай ўтмиш.

Игнадай тешикдан кирган сув

ғарқ қилгани каби дарёга қайиқни,

чўкиб кетиш мумкин ўтмишга индамай.

Олдингга қўйилган юзта буюмдан

фақат биттасини танлашни

талаб этар бу ўйин.

Хўш, қай бирин танлайман?

Суянаман қай ёруғ хотирага?

Бахт қушига айланиб учган

олти ойлик умримгами?

Қор одамдай бир зум завқ-шавқ улашиб,

фасллар алмашгач эриб,

оқиб кетган ўша умримгами?

Игнадай тешикдан тушган нур каби

хотираларим:

Она бўлган куним

боламнинг отаси гул тутган лаҳза…

Гўдагимнинг қўлчаларидан тутиб

юрғизганимиз…

Оилавий ўтган оддий кунларнинг

энди оддий туюлмаётган шукуҳи…

Зерикарли туюлган ҳаётимнинг

энди фароғатли эсланаётган онлари…

Қамоқхона – мустаҳкам ёқа.

Бу ёқадан бош чиқариб ишлагичлар

тортқилаб қолса-да уни ҳар ёққа,

у йиртилиб кетмас.

Тортилган бош узилиб кетар.

Яшалмайин ўтиб кетаётган кунларнинг,

сарфланмайин сўнаётган эҳтироснинг,

янгиланмай тўлаётган хотиранинг,

ишлаб туриб тўлмаётган заҳиранинг

бадалини сўраб бош кўтармасайди,

тушуниб етсайди буларнинг бари

айирбошлаш йўли эканин

теккизилган зиённи фойдага,

гуноҳни савобга алмашиш бахти

эканин тушуниб етсайди,

шу умидбахш тун оқарса,

ҳеч нимадан воз кечмай туриб,

эркка эришиши мумкин эди

Доно ҳам.

VI

Ташқарида шамол супураётир

тақдир бўлакларини…

Вақт томар чак-чак.

Ўн йилки бўйсунмай соатга

тўхтаб турган қайсар вақт томар.

Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг

қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи

ва ёки… ярадан томган қон каби.

Соат милларига боқаман:

05:00

Уч соат қолди, тугайди бари,

ёки бошланар.

Вақти тўхтаб турган

бир хотин куйлар

хиёнат қўшиғи – хурракни.

Ҳеч не тугамайди,

бошланмас ҳеч не,

осмон оқарса-да,

аввалгидай давом этар унинг ҳаёти.

Бу шундай хотинки,

қараб туриб уни билганлар,

бу ерни қабр деб ўйларлар.

Бу шундай қабрки, ўликлар эмас,

ҳаёт шами сўниклар эмас,

иймони, виждони ўлганлар,

қалбини бой бериб бўлганлар,

гуноҳлар, алдовлар, фитналар

кўмилган тириклар қабридир.

Бу шундай хотинки, инсонмас,

ҳайвонмас,

гўзал, совуқ башара,

айёр нигоҳ,

сохта табассум чизилган

парча жонли гўшт.

Ботинан на меъёр,

на бир қонунга бўйсунмас жисм.

Ҳирс ва нафс бир сиқим.

Ўн тўрт ёшли ўз қизин сотган,

давом этаётган ўзин сотишда,

агар ёпиқ қозон ёпиғлик қолса,

ўз нафсини қондирмак учун

тайёр хотин ҳар қабиҳ ишга.

Савобталаблик қилар у

қанча-қанча ишсиз ва пулсиз

юрган бечораваш қизларни

“ишли” қилганидан.

Жабрдийда оналикка даъвогардир

бегона қўлларда эмас,

ўзи дунё юзин кўрсатган

ўз қизининг қўлларида яксон бўлганидан.

Бордир унинг бир эртаги:

Қўғирчоқбоз қўғирчоқ ясаб,

унга ато этган экан жон.

Кўзин очиб қўғирчоқбозга

қилич ўқталибди ул ҳайвон.

Бор яна бир шеърий эрмаги:

Баъзан билакдан зўр қаламнинг кучи,

тиғдан ўткир қаламнинг учи.

Мени қалам билан бўғизладилар,

қалам билан қаздилар гўрим,

тиқди-ку тупроққа ўз қизим.

Ва яна бор унинг битта орзуси:

сотқин қизчасидан ўч олмак!

Адоватдан куч олмак!

Ўтнинг дармони — сув, дерлар,

ғамнинг дармони — сабр.

Муҳаббатнинг дармони — висол,

адоватнинг дармони надир?

Ўз қизига адоватнинг дармони надир?!

Бир куни дафъатан, кутилмаганда

даҳшатли ўкирик тутди оламни.

Кўрдилар ёлғон юзда рост қайғу,

айёр кўзда – аламли йиғи.

Эмишки, хотиннинг қизи ўлибди!

У куйиблар кетди қизидан эмас,

Орзусидан айрилганига…

Иситгим келади қаҳратон қишни,

Қалбларни турткилаб уйғотгим келар.

Лек биламан,

уриш бефойда қилични тошга,

тузни сувга беркитиш – ахмоқона иш.

Яна биламанки,

биламанки шундай даҳшат-ла,

насиҳат беришга йўқ ҳаққим,

мен устоз эмасман,

бор-йўғи, маҳбус!

Вақти тўхтаб турган

ул хотин куйлар

хиёнат қўшиғи – хурракни.

Хиёнат?

Умрга хиёнатми?

Ахир бу зиндонда ўтган йилларим,

ойларим, кунларим, сонияларим —

бари-бари хуррак эмасми?

Хиёнат эмасми ҳаммаси?

Хиёнатмасмиди муҳаббатим

оналик меҳримга,

хотинлик вазифамга?

Бу номусфурушнинг хуррагидан ҳам 

бу қадар нафратим нега?

Нега унга қараб турсам,

ғижирлаб кетади ўтмас тишларим?..

[1] А. Орипов сатри

Давоми бор

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.