“Таржима санъати ва таржимон маҳорати”  китоби  халқлар дўстлигини акс эттирувчи гўзал кўприк!

0
1180
марта кўрилган.

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипованинг “Таржима санъати ва таржимон маҳорати”  китоби украин ва ўзбек адабиёти ўртасидаги гўзал муносабатларни ўзида ифодалайди. Таъбир жоиз бўлса у халқлар дўстлигини акс эттирувчи гўзал кўприк! Ёш ижодкорлар, таржимонлар учун муносиб ўқув қўлланма.

Ушбу китобда  украин адабиётининг икки буюк адиби Леся Украинка ва Олесь Гончар асарларининг таржималари хусусиятларини ўрганиш орқали таржима санъати ва таржимонларнинг маҳорати ҳақида фикр юритилади.

 Ушбу илмий тадқиқотнинг биринчи ва иккинчи  бобида украин адабиётининг етакчи намоёндаси Леся Украинка ижоди, фаолияти, шеърлари ва драматик асари билан танишиш жараёнида ўзбек адибларининг таржимонлик маҳорати ҳақида тассавурга эга бўлиш мумкин. Леся Украинка ва замон, Леся Украинка ва ўзбек адабиёти, Шеърий таржиманинг асосий хусусиятлари, Украинка шеърлари ўзбек тилида, Леся Украинка ва Зулфия, Укринка асарлари Эркин Воҳидов таржимасида, Украинка асарлари Шуҳрат таржимасида, Драматик асар таржимасининг лирик асарлар таржимасидан фарқ қилувчи хусусиятлари Абдулла Орипов таржимаси мисолида каби  сарлавҳаларга бўлиб таҳлил қилинган.

Китобда таъкидланишича, ўзбек китобхонлари шоиранинг асарлари билан илк бор 1961 йилда танишишга муваффақ бўлдилар. Эркин Воҳидов таржимасида  “Ўтмиш эртаги” шеърлар тўплами босилиб чиқди.

Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 1971 йилда шоиранинг гўзал шеър ва поэмаларини ўз ичига олган “Танланган асарлари”ни ўзбек тилида чоп қилди. Тўпламга шоиранинг “Мағораларда” деб аталувчи йирик драматик поэмаси ҳам кирган. Бу асарни Абдулла Орипов таржима қилган.

Леся Украинканинг юз йиллик  юбилейи муносабати билан ўзбек тилига шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган бир қанча илмий мақолалар ҳам эълон қилинди. Масалан, ”Совет Ўзбекистони” газетасининг 1971 йил 25 февраль сонида филология фанлари кандидати Раҳматулла Иноғомовнинг “Сўнмас истеъдод” мақоласи, “Тошкент оқшоми” газетаси 1971 йил 25 февраль сонида  шоир Шуҳрат мақолалари эълон қилинди.

Шунингдек, ҒаФур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти адабиётшунос танқидчи Асил Рашидовнинг “Леся Украинка” номли китобини чоп этди.

Аммо, ушбу  ишларда шоиранинг ўзбек тилига қилинган таржималари ҳақида маълумот берилмаган. Шунинг учун Леся Украинка асарларининг ўзбек тилига қилинган таржималарини ўрганиш, уларни таҳлил қилиш ва бу таржималарнинг ўзбек адабиётида тутган ўрнини аниқлаш катта аҳамиятга эга  бўлиб, “Таржима санъати ва таржимон маҳорати”  китоби ана шу мақсадни ўз олдига қўйган.

Шоира асарларини ўзбек китобхонларига етказишда ўзбек адибларидан 14 киши иштирок этди. Улар томонидан “Мағораларда” драматик поэмаси, “Бир сўз”, “Улкан баҳодир ҳақида эртак” поэмалари ва 50 яқин шеърлари ўзбек тилига рус тилидан таржима қилинди. Бунда таниқли ўзбек шоири ва ёзувчиларидан Зулфия, Шуҳрат, Уйғун, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Сайёр, Рауф Парфи, Жуманиёз Жабборов, Миртемир ва Муҳаммад Носир каби ижодкорларнинг хизматлари катта, дея таъкидланади китобда.

Украинка ижоди фольклор билан жуда яқиндан боғланган, унинг кўпчилик шеърлари, достонларида украин халқи қўшиқларининг теран  мазмун- моҳияти, ўйноқи оҳанглари баралла янграйди. Халқ оғзаки ижодининг мароқли оҳангги сезиладиган лирикаси ўзбекчага таржимада  қандай ифода этилганлигини тадқиқотчи чуқур очиб беришга ҳаракат қилган.

Шунингдек, драматик асар таржимасининг лирик асарлар таржимасидан фарқ қилувчи хусусиятлари шоиранинг “Мағораларда” асари таржимаси орқали акс эттирилади.  Шоиранинг ушбу драмаси тарихий асар бўлиб, тили мураккаб, қадимий атамаларга бой бўлиш билан бирга ўзида шеърий  ва драматик асарларнинг хусусиятларини уйғунлаштирган. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб  ушбу таржима асарнинг ютуқ ва камчиликлари  чуқур таҳлил этилганлиги билан кишини эътиборини тортади.

Ушбу китобда яна бир киши эътиборини тортадиган  ҳодиса шуки, Л. Украинка болалигидан ногиронлар аравачасига михланган бўлиб, бир умр суяк сили касаллиги дардини, азобини  тортади. Ота-онаси уни кўплаб мамлакатларга ҳаво алмаштириш ва даволатиш учун олиб боришади. Ўша саёҳатлар беиз кетмайди.  Ўзи танишган халқларнинг афсона, ривоят ва тарихий шахслари ҳақида кўплаб асарлар яратган. Ўзининг ҳаёти ҳам қаҳрамонликка бой тарзда кечган.

Украинка “Ойша ва Муҳаммад”, “Телба”, “Бобил асири”, “Куз эртаги”, “Харобаликларда”, “Кассандра”, “Адвокат Мартиан”, “Оргия” каби бир қанча драмалар ҳам ёзган.

Бу асарларнинг кўпларида турли мамлакат ва халқларнинг қадимий тарихларидан мисоллар келтириб, муҳим ҳаётий ва замонавий муаммолар кўтарилади. Бу асарлар ҳам асосан узоқ ўтмиш мавзуида ёзилган бўлсада, улар муаллифнинг замонасидаги курашувчан руҳият билан уйғунлашиб кетган. Ана шу йўналишларни уйғунлаштириб бериш таржимондан катта тажрибани талаб қилади. Китоб муаллифи ушбу мавзуга ҳам алоҳида тўхталади.

Драматург ўз пьесаларида ўтмишни тасвирлаганида тарихни чуқур ўрганиб икки куч икки оқим-эзгулик билан ёвузликни акс эттиради. Ватанга муҳаббат руҳида битилган ушбу асарларида ҳам халқ оғзаки ижодидан кенг фойдаланади. Таржимачилик таҳлилида ушбу йўналишларига ҳам эътибор беради.

Учинчи бобда  эса украин ёзувчиси Олесь Гончарнинг “Ҳаёт навоси” (ТРОНКА) новелла – романи таржимаси, насрий асар таржимасининг шеърий ва драматик асарлар таржимасидан фарқ қилувчи ҳусусиятлари ҳақида  гапирилади.

Олесь Гончар украин адабиётининг йирик ва машҳур ёзувчиларидан биридир. Унинг “Ҳаёт навоси” новелла-романи собиқ  советлар адабиётидаги энг гўзал асарлардан бири деб баҳоланган.

“Ҳаёт навоси” бир-бирига боғлиқ бўлган новеллалардан иборат роман. Ёзувчи бу ажойиб асарида Жанубий Украина манзараларини шоирона тасвирлаб, турли касб эгаси бўлган уч авлод кишиларининг мардонавор образини беради. Бу асарда учувчилар, ҳарбийлар, денгизчилар, чўпонлар, ирригаторлар, совхоз ишчиларининг севимли образлари очиб берилган. Асарни ўзбек тилига моҳир таржимон Лола Тожиева ўгирган. Тадқиқотчи китобида таржимоннинг маҳоратини очиб бериш учун бир неча мавзуларга бўлиб  сарлавҳалар қўйган. Ушбу  йўналишларнинг ўзидан шеърий таржима билан насрий таржиманинг фарқларини яққол англаш мумкин. Масалан,  Оддий сўзларни ўгиришдаги мураккабликлар, Аслиятдаги мақол ва ибораларнинг таржимаси,  Миллий қадриятларга дахлдор жумлалар таржимасига эътибор,  Мижозий образлар таржимаси ҳақида сўз,  Аслиятдаги сифатлаш ва ўхшатишларнинг ўзбек тилида ифодаланиши,  Ҳаракат, турқ-тароватни ўгираётганда таржимон услуби каби сарлавҳалардан насрий таржиманинг ўзига хос хусусиятлари  акс этиб турибди.

Аслият таржимасининг мураккаблиги шундаки, романда чўпон, ишчи, денгизчи, учувчилар ҳақида ҳикоя қилинади. Унда касбларга доир атамалар ҳам, мақолу маталлар ҳам, халқ қадриятларига дахлдор аскиялар ҳам мўл-кўл ишлатилган. Умуман таржимон асарнинг ўзлигини бера олган. Асарни ўқиб украин халқига меҳрингиз ошади.  Гўё ўзимизнинг элимиз ҳақида, тоғликлар, дашт  одамлари ҳаёти ҳақида ўқиётгандек бўласиз. Лекин уларнинг украин эканлигини ҳар бир жумлада ҳис қилиб турасиз. Бу албатта таржимон Лола Тожиеванинг муносиб таржима қилганидан, моҳиятни очиб бера олганидан  сўзлаб туради.

Ушбу китоб таржимасини ўрганиш халқлар дўстлигига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга асарларни қиёсий таҳлил қилиш учун илм аҳлига  имконият яратиш, ёшларни таржимачилик оламига олиб кириш, йўлланма бериш таржимачилик моҳиятини англашга даъват этиш, шу асосда миллий ғурурни  тарбиялаш ҳамдир.

Хулоса шуки, китоб  адабиёт аҳли ёш  ижодкорлар  учун яқиндан  ёрдамчи бўладиган қўлланма,  дарслик десак арзийди.

Нодира САЪДУЛЛАЕВА, Тошкент Давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.