Тошкент шаҳри Яккасарой туманининг Юнус Ражабий номидаги маҳаллада фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови

0
315
марта кўрилган.

Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, фуқароларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда  жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

 Тошкент шаҳри Яккасарой туманининг Юнус Ражабий номидаги маҳалласида кеча бўлиб ўтган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида ҳам ушбу масъулият ўз ифодасини топди.

Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати 2019 йил май ойида тугаши муносабати билан жорий йилнинг май ойида ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови охирлаб бормоқда.

– Фуқаролар йиғини раислари сайловини юқори савияда ўтказишда аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратиш муҳимдир, – дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Лола Илиева, – Сайлов жараёнлари мамлакатимиз маҳаллаларида бу йил аввалги сайловлардан фарқли ўтаяпти. Қонунга мувофиқ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) икки ярим йил эмас, эндиликда уч йилга сайланади. Шунингдек, раис яширин овоз бериш йўли билан аниқланмоқда. Авваллари очиқ қўл кўтариш йўли билан аниқланарди. Маҳалла ҳудудида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг камида 12 фоизи иштирок этиши шарт экани ҳам белгилаб қўйилган. Бунга ҳам ташкилий гуруҳ томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, сайлов ўтказилаётган маҳалладаги 323- мактабгача таълим муссасасида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида қатнашишга таклиф этилганлар билан гавжум. Байрамона кайфият ҳукмрон.  Ишчи гуруҳ томонидан овоз бериш кабинаси, сайлов қутиси, овоз кучайтиргич воситаси шай ҳолатга келтирилган. Сайлов бюллетени тарқатилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғриси»ги фармонига асосан энди маҳалла раисларининг ойлик маоши икки баравар ошди. Уларнинг ойлик маоши ошгани ҳақидаги фармонга қадар ўз ихтиёри билан, маҳалла фаолларининг тавсияси билан номзодлар таклиф этиш жараёни давом этаётганди. Тан олиб айтиш керак бу янгилик сабаб маҳалла раислигига қизиқувчилар сони ҳам ортди. Аслида, маҳалла етакчиси бўлиш осон вазифа эмас. Халқнинг дарди, қувончи билан яшай билиш демакдир. Жамиятимизнинг бошланғич буғини бўлмиш  оилаларнинг муаммо ва ташвишларини  юракдан ҳис қилиш демакдир. Чунки маҳаллаларга жуда катта вазифалар  юклатилган. Айни кунда маҳаллаларга юклатилган 154 та вазифа қайтадан кўриб чиқилиб, тузатиш ва қисқартириш киритилиши ҳамда масъулият ҳисси кучайтирилиши режалаштирилмоқда – дейди  Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Санжар Ҳамидуллаев, –  Қоидага кўра, олий маълумотга эга бўлган фуқаролар номзоди маҳалла раислигига кўрсатилиши керак. Авваллари кўп ҳолларда ўрта маълумотга эга номзодлар ҳам тақдим этилган. Бу йил шу қоидага ҳам қатъий амал қилинди.  Мана Юнус Ражабий маҳалласи мисолида айтадиган бўлсак, уч нафар номзод кўрсатилмоқда.  Учаласи ҳам шу маҳаллада 25-30 йиллардан буён яшайдиган олий маълумотли кишилар бўлиб, иқтисодчи, муҳандис-қурувчи, ва матбаачи бўлиб ўз соҳасида ва эл-юрт ўртасида обрў эътибор топиб, нафақага чиққан муносиб номзодлардир.

Йиғилишда маҳалладаги 91-мактаб директори Азиза Темирова номзодларнинг ҳаёт йўли, фаолияти билан таништирди. Сўнгра уч нафар номзодга сўз берилди. Улар маҳалла аҳлини ўз дастурлари билан таништиришди.

Дарҳақиқат,   маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслилигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Муносибларни сайлаш ва улар билан бирга Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Маҳалла оқсоқоли аҳоли фаровонлиги йўлида янада ғайрат билан ишлаши лозим бўлади.

 Мамлакатимизда янги сайланган барча маҳалла оқсоқолларига эл-юрт ташвишидаги хизматларини муносиб уддалашларида  омадлар тилаб қоламиз.

Раъно  ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.